Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бухоронинг Қоровулбозор туманида яшовчи фуқаролар мурожаатлари ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг устувор вазифаларидан бири сифатида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун моҳияти билан аҳолини таништириш, шу орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

2023 йилнинг 16 ноябрь куни “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир Қоровулбозор туманида ўтказилди. Унда “Имом Бухорий”, “Тинчлик” ва “Чўлқувар” маҳаллаларидан 200 дан ортиқ фуқаролар иштирок этишди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Назир Собиров ва бошқа масъул идоралар вакиллари иштирокчиларни “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда бепул юридик хизмат кўрсатиш борасидаги ислоҳотлар билан таништиришди

Шу билан биргаликда ушбу ҳудудлардан Омбудсманга юборилган мурожаатларда кўтарилган масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Лойиҳа доирасида Омбудсман минтақавий вакилининг фуқаролар қабули ҳам ташкил этилди.

Шунингдек, тадбир якунида Қоровулбозор туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш акцияси ҳам бўлиб ўтди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати