Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан 2023 йилнинг 10 ойида амалга оширилган ишлар юзасидан БРИФИНГ
2023 йилнинг 10 ойида Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 452 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. 2022 йилнинг 10  ойида ушбу кўрсаткич 297 тани ташкил этган эди.

Мониторинг ташрифларнинг 114 таси жазони ижро этиш колониялари, 102 таси тергов ҳибсхоналари, 98 таси вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 35 таси Махсус қабулхоналар, 17 таси реабилитация қилиш марказлари, 23 таси наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиаллари, 19 таси руҳий-асаб касалликлари шифохоналари, 25 таси “Саҳоват” ва “Мурувват” уйлари, 12 таси мастлик ҳолатидагиларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ва 7 таси туман (шаҳар) Ички ишлар бўлимларида ўтказилган.

Мониторинг ташрифлари давомида 8 мингдан ортиқ маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий ҳамда 3 минг нафарга яқин шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Ташрифларда ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларни яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, сақланаётган шахслар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди.

Мониторингда аниқланган камчиликлар бўйича 10 ойда Омбудсман томонидан мутасадди ва тегишли вазирлик ва идораларга 7 та тақдимнома, 2 та хулоса, 6 та талабнома ва 2 та таҳлилий ахборот киритилди.

Шунингдек, Омбудсман томонидан Олий Мажлис палаталарига 4 та таҳлилий маълумот тақдим этилди.

Жорий йилнинг 10 ойида Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан 1 809 та мурожаат келиб тушди.

Мурожаатларнинг 644 таси почта алоқа хизмати, 312 таси сайёр ва 271 таси шахсий қабуллар, 309 таси “Омбудсман қутиси”, 227 таси электрон тарзда ва 46 таси Омбудсманнинг “Ишонч телефони” орқали келиб тушган. Қайд этиш лозимки, жами мурожаатларнинг 49 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш давомида 14 нафар маҳкум яшаш жойига яқин бўлган жазони ижро этиш муассасаларига ўтказилган.

Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган 3 нафар маҳкумга нафақа пуллари тўлаб берилди.

“Мурувват” уйида сақланаётган 119 нафар ва руҳий-асаб касалликлари диспансерларида сақланаётган 3 нафар шахсларга ҳамда жазони ижро этиш колонияларидаги 42 нафар маҳкумга ва 2 нафар маҳкуманинг 3 нафар фарзандига ID-карталар олинишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Маҳкум ва маҳбусларнинг Омбудсманга юборган мурожаатига асосан 27 нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволаниш учун касалхоналарга жойлаштирилди.

62 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар кўмагида жами 100 млн сўмдан ортиқ моддий ёрдам ажратилишига ва 17 нафарининг яқин қариндошларига тиббий хизмат кўрсатилишига эришилди.

Шунингдек , Самарқанд вилоятидаги 7-сон Тергов ҳибсхонаси, 37 ва 38-сон Манзил колонияларида, Қорақалпоғистон Республикасидаги 27-сон Манзил-колониясида ҳамда Навоий вилоятида жойлашган 4 ва 5-сон Жазони ижро этиш колонияларида сақланаётган шахслар кардиолог, нервпотолог, окулист, лор каби тор доирадаги мутахассислар томонидан тиббий кўрик ўтказилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказилганлиги ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан Омбудсманга 147 та шикоятлар келиб тушган. Уларнинг 28 таси бевосита мониторинг ташрифлари давомида амалга оширилган якка тартибдаги қабулларда, 23 таси  “Омбудсман қутиси”, 46 таси пенитенциар муассасалар маъмурияти ва маҳкумларнинг (маҳбусларнинг) яқин қариндошлари томонидан почта алоқаси хизмати орқали, 22 таси Омбудсман ва унинг масъул ходимлари томонидан амалга оширилган шахсий қабуллар, 22 таси электрон тарзда ва 6 таси Омбудсманнинг “Ишонч телефони” орқали келиб тушган.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган 21 та хабарлар ўрганилиб, бу бўйича муносабат билдирилган. Мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг 9 та талабномаси киритилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати