Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
БМТ мустақил экспертларининг хабари юзасидан
2023 йилнинг 9 ноябрь куни БМТ расмий сайтида “БМТ экспертлари: Ўзбекистон озчиликлар ҳуқуқлари ҳимоячиларини таъқиб қилишни тўхтатиши керак” номли хабар эълон қилинди. Унда мустақил экспертлар Даулетмурат Тажимуратовнинг аҳволидан чуқур хавотирда эканликлари ва қамоқхонада унга нисбатан таҳдид, ҳақорат ва ғайриинсоний муносабатда бўлинаётганини билдирган.

Маълумки, 2022 йил 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашларининг қўшма қарори билан Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузилган. Омбудсман, депутатлар, маҳаллий ва халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларидан иборат Комиссия аъзолари 16 июлдан  Корақалпоғистон Республикасида ўзининг мустақил ўрганишларини бошлаган.

Комиссия аъзолари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 11-сон тергов ҳибсхонасига ҳам ташриф буюриб, у ерда сақланаётган шахслар шароитларини ўрганган ва Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашишган. Учрашувда Д.Тажимуратов унга нисбатан тергов ҳаракатлари давомида ва тергов ҳибсхонасида ҳеч қандай қийноқ, босим ёки тазйиқлар бўлмагани, овқатларнинг сифати ва ҳибсхонадаги бошқа шароитлар бўйича ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирган.

Шунингдек, Тажимуратов адвокат билан таъминланганини ва адвокатининг у билан учрашишида ҳеч қандай қаршиликлар йўқлигини, оила аъзолари билан ҳам қисқа муддатли учрашув ўтказилганлигини ҳамда посилка ва йўқловлар олаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия фаолияти, жумладан Урганч шаҳридаги 11-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган Д.Тажимуратов ва бошқаларнинг ҳолати ҳақидаги хабарлар Комиссиянинг telegram, facebook ва twitter ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари ва ombudsman.uz сайти орқали ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз тилларида мунтазам ёритиб борилган.

Маълумот учун: Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳи вакиллари ёпиқ муассасаларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида Д.Тажимуратов билан 2023 йилнинг 6 май куни у Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасида сақланганганда ва 9 сентябрь куни Навоий вилоятидаги 11-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган пайтида ҳам учрашган.

Д.Тажимуратов суд-тергов жараёнларида ва жазо муддатини ўташ чоғида ўзига нисбатан қийноқ ёки тазйиқ ўтказиш ҳолатлари қўлланилмаганлигини, фақатгина ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукмидан норози эканлигини маълум қилган.

Юқоридаги каби масалалар юзасидан муносабат билдираётган барча мустақил экспертлар, халқаро ташкилотлар ва ОАВдан эълон қилаётган чақирув ва постларини тайёрлашда расмий маълумотлар ва асослантирилган фактларга таянишларини сўраймиз.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати