Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
2023 йилнинг 28 сентябрь куни Хоразм вилоятида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили томонидан “Омбудсман мактаби” тадбири ўтказилди. Тадбирда “Наврўз”, “Янгиёп”, “Дўстлик”, “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси иштирок этишди.
Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган мазкур тадбирда Хоразм вилояти Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармаси, Вилоят Янгибозор тумани Адлия бўлими, Янгибозор тумани ҳокимияти, “Мадад” муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотининг Урганч тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари маъруза билан иштирок этишди. Тадбирда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, "Ўзбекистон-2030 " стратегияси ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳолини манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, тадбир давомида иштирокчиларга фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш мақсадида эслатма тарқатилди.
Тадбирдан сўнг, Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Одилбек Оллаёров сайёр қабул ўтказди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати