Туркия Бош Омбудсмани Ш.Малкоч мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни юқори баҳолади ва бугунги кунда Туркия-Ўзбекистон муносабатларининг мустаҳкамланаётганлигини дунёнинг бошқа давлатларига намуна сифатида кўрсатиш мумкинлигини қайд этди.
Янги Конституциянинг қабул қилинишида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланиши бўйича берган таклифларининг аксарияти қабул қилинганлиги муҳим аҳамиятига эга экани таъкидланди. Шунингдек, Конституцияда Омбудсман институти қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Парламент Қуйи палатасига киритишга хақли экани белгилаб қўйилгани меҳмонлар томонидан эътироф этилиб, қонунчилик ташаббуси кўплаб давлатлар Омбудсманларида, жумладан, Туркия Омбудсманида ҳам йўқ эканлиги айтиб ўтилди.
Ўзаро мулоқот давомида инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида Ўзбекистон ва Туркия Омбудсманларининг мурожаатларни кўриб чиқиш ва ўзаро тажриба алмашиш борасидаги ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Ф.Эшматова суҳбат давомида сайлаш ҳуқуқига эга бўлган маҳбус ва маҳкумлар ўз ҳуқуқидан ҳеч қандай монеликларсиз фойдалана олишлари учун жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этилган сайлов участкалари ҳам ўрганилганлиги маълум қилинди.
Ўз навбатида халқаро кузатувчилар Туркияда бўлиб ўтган Президентлик сайловига тайёргарлик, сайловчиларга яратилган шароитлар ва сайлов жараёнларининг очиқ ёритилиб борилгани бўйича ўз тажрибаси билан бўлишди.
Халқаро кузатувчилар сайлов жараёнларини диққат билан кузатишларини билдириб, Ўзбекистон ҳукуматига ушбу муҳим сиёсий жараённи муваффақиятли ўтказишига тилак билдиришди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати