Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсади эканлиги нуқтаи назаридан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Конституциявий қонуннинг мазмун-моҳияти, унинг Ватанимиз тараққиёти, жамиятимиз ривожидаги аҳамияти ва унга киритилган янги нормалар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишдан иборат.
Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Олий суд, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимияти, Адвокатлар палатаси, Тошкент Давлат юридик университети, “Мадад” бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ННТ вакиллари, таълим муассасалари олимлари, экспертлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва ОАВ иштирок этишди.
Маълумки, Конституция ўзида инсоннинг халқаро умумэътироф этилган асосий ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида жамлаган ва олий юридик мақомга эга ҳужжатдир. Шундай экан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар барчамиз учун ўта муҳим ва аҳамиятлидир.
Янги Конституцияини тайёрлашда умумхалқ муҳокамаси орқали 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган ва уларнинг аксарияти эътиборга олиниши билан бирга, халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлатлар тажрибаси ўрганилган, у 6 турдаги экспертизадан ўтказилган.
Тадбирда қайд этилишича, Янгиланаётган Конституция “инсон-жамият-давлат” парадигмасига асосланган ва унда барча тоифаларнинг – ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўқитувчилар, хатто жиноят содир этган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этган. Аҳамиятлиси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) иштирокчилар эътиборини Бош қомусимизнинг 28 моддасига қаратди. Унда агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланмоқда. Қийноқ ва унинг барча шаклларига қарши муросасиз муносабатда бўлиш йўлини танлаган Ўзбекистон учун бу жуда муҳим қадам –деди Омбудсман.
Шунингдек, Янги Конституциямизнинг 98 моддаси бевосита Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га тааълуқли бўлиб, унда Омбудсман институти қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга хақли экани белгилаб қўйилаётгани таъкидланди.
Тадбирда Янги Конституциядан ўрин олган инсон ва бола ҳуқуқлари, ижтимоий давлат, одил судлов, адвокатлар фаолияти, экологик масалалар, фуқаролик жамиятлари билан ишлаш каби қатор масалалар бўйича маърузалар тингланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ахборот хизмати