Семинарда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ходимлари, Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳамда Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари аъзолари иштирок этишди.
Тадбирда қайд этилишича, мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқи, эркинлиги кафолатини янада кучайтириш, жумладан, инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, 2019 йилдан Омбудсман ҳузурида қийноқларни олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм жорий этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили бошчилигида унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳамда Омбудсман ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари аъзолари ва ОАВ иштирокида мунтазам равишда пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифлари ўтказиб келинмоқда. Мониторингларда муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари, озиқ-овқат билан таъминланиши, керакли тиббий хизмат кўрсатилиши, рухий ёки жисмоний босимларнинг мавжуд ва мавжуд эмаслиги ўрганилмокда.
Статистик маълумотларга кўра, Омбудсман томонидан 2019 йилда 46 маротаба, 2020 йилда 71 маротаба, 2021 йилда 177 маротаба, 2022 йилда 381 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Натижада ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилди.
Омбудсман Ф.Эшматованинг сўзларига кўра, 2022 йилда Омбудсман номига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари томонидан жами 3235 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 52,5 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган. Бу эса ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг Омбудсманга эркин мурожаат қила олиш имконияти яратилганлигини кўрсатади.
Семинарга тренер сифатида жалб этилган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси эксперти Паулин Маккейб, танланган мавзунинг ғоят долзарб эканлигига тўхталар экан, бу муаммо дунё миқёсидаги ҳал этилиши лозим бўлган масалалардан эканлигини билдирди.
- Шимолий Ирландиядаги маҳбуслар Омбудсмани сифатида 5 йиллик тажрибага эгаман. Айтишим лозимки, пенитенциар муассасалардаги шахслар уларга зўравонлик қилингани бўйича кўпинча сукут сақлашади. Шунинг учун ҳам бу иллат жуда кўп давлатлар тажрибасида кузатилади. Ўзбекистон Омбудсмани томонидан айни мавзуга алоҳида эътибор қаратилгани жуда қувонарли. Мамлакатингиздаги ислоҳотлар ижобий натижаларни кўрсатаётган бўлса-да, семинар давомида берилган халқаро тажриба ва кўникмалар иштирокчилар учун фойдали бўлди
“Озодликни чеклаш жойларида ўтказиладиган мониторингларда зўравонлик масалалари” мавзусида ташкил этилган семинар тренингда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида гендер масалалари, қамоққа олиш жойларида жинсий ва гендерга асосланган зўравонлик содир бўлиш хавфини аниқлаш ва бу борадаги хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар, маҳкум ва маҳбуслар билан мулоқот кўникмалари ва бошқа мавзуларда муҳокамалар ўтказилди.
Ўзаро савол-жавоб ва қизиқарли интерактив ўйинлар орқали ташкил этилган 3 кунлик семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати