Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Марказий Осиёда тазйиқ остида бўлган хотин-қизлар мавзусига бағишланган халқаро кенгайтирилган мулоқот ташкил этилди 
2022 йилнинг 25 ноябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова “Марказий Осиёда тазйиқ остида бўлган хотин-қизлар: зўравонлик илдизларини йўқ қилиш ва жабрланганларни қўллаб-қувватлаш” мавзусига бағишланган кенгайтирилган мулоқотда иштирок этди. Гибрид шаклида ташкил этилган мазкур мулоқот Қозоғистон Республикаси Омбудсмани ҳамда "БМТ-Қозоғистон аёллари" тузилмаси томонидан ташкил этилди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон томондан Олий Мажлис Сенати, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этди.  

Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Озарбайжон давлатлари Омбудсманлари ҳамда мавзуга алоқадор вазирлик ва идоралар, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этишди.  

Тадбирда таъкидланишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳаёти давомида учта аёлдан бири тазйиқ ва зўравонликка учрайди. Бу эса хотин-қизларга нисбатан зўравонлик муаммосининг глобал пандемия эканига ишорадир.  

Таҳлиллар Марказий Осиёда ҳам аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик кенг тарқалганини кўрсатмоқда. Шу кунга қадар баъзи Марказий Осиё мамлакатлари оиладаги зўравонлик ва хотин-қизларга нисбатан камситишларга қарши қонунчиликни кучайтирган бўлишса, бошқалари Миллий стратегияларни қабул қилишди. Лекин улар ижросини таъминлашга тўсқинлик қилувчи омиллар, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг етарли малакага эга эмаслиги, молиявий ресурсларнинг етишмаслиги, зўравонликдан омон қолган шахслар учун ихтисослаштирилган хизматларнинг етарли эмаслиги каби ҳолатлар айниқса чекка ҳудудлар яққол кўзга ташланмоқда.   

Халқаро миқёсда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDG) гендер тенглигини таъминлаш ва аёлларга нисбатан камситишнинг ҳар қандай шаклларини йўқ қилиш масалаларини ўз ичига олади ва бу глобал муаммо комплекс ёндошувни талаб этади.  

Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш чоралари асосий сабабларни бартараф этиши ва жабрланганларни қўллаб-қувватлашни профилактика ва ҳуқуқий чоралар билан бирлаштириши керак. 

Кенгайтирилган мулоқот иштирокчилари ўз тажрибалари билан бўлишган ҳолда зўравонликни келтириб чиқараётган сабабларни таҳлил қилиб, оиладаги зўравонликдан азият чеккан аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ воситаларни ишлаб чиқиш бўйича ўз таклифларини беришди.  

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати