Хусусан, мониторинг давомида болалар учун яратилган шароитлар, уларнинг соғлом овқатланиши, таълим олиши, ётоқ жойлари, уларнинг спорт билан шуғулланишлари ва бошқа ҳолатлар ўрганилди.
Бундан ташқари, Болалар Омбудсмани марказда вақтинча сақланаётган болалар билан якка тартибда суҳбат ўтказди, уларнинг ижтимоий аҳволи, Марказга келиб тушиш сабабларини ўрганди.
Мониторинг жараёнида иштирок этган давлат ташкилотларининг масъул ходимларига болаларни тезроқ ўз оиласига қайтариш, ижтимоий аҳволи оғир бўлган оилаларга амалий ёрдам кўрсатган ҳолда болалар назоратсизлигининг олдини олишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, Вакил Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида жорий йилнинг 17 октябрь кунига қадар сақланган, Учкўприк тумани “Султон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган марҳум 9-синф ўқувчиси А.Р.нинг хонадонида бўлиб, боланинг онаси ва яқин қариндошларига ҳамдардлик билдирди. Вакил бўлиб ўтган воқеа назоратга олинганлигини ва боланинг вафотида айбдор бўлган шахсларга нисбатан суд томонидан қонуний жазо берилишини таъкидлади.
Шу билан бирга, Марказда мониторинг давомида аниқланган хато ва камчиликлар бартараф этилиши юзасидан тегишли вазирлик ҳамда идораларга Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таклиф ва тавсиялари юборилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати