Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қорақалпоғистондаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланадиган махсус қабулхонада ўтказилган мониторинг натижалари бўйича берилган тавсиялар инобатга олинди
2022 йил 25 май куни Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Женисбай Шлымбетов Нукус шаҳридаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланадиган махсус қабулхонада сақланаётган шахсларнинг шарт-шароитларини ўрганди.

2020 йилда ташкил этилган ушбу Махсус қабулхона 75 нафар шахсни сақлашга мўлжалланган. Мониторинг ташрифи ўтказилган кунда у ерда 92 нафар маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланаётгани аниқланди.

Махсус қабулхонада маҳкумларнинг адвокатлар ва яқин қариндошлари билан учрашув хоналари мавжуд бўлиб, улар тегишли мебель жиҳозлари билан таъминланган. Шунингдек, маҳкумларга қариндошлари билан телефон орқали сўзлашишлари учун ҳам шароитлар яратилган.

Аниқланишича, маъмурий қамоққа олинган шахсларни маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорликда меҳнатга жалб қилиш тизими йўлга қўйилмаган.

Шу билан бир қаторда, мониторинг давомида махсус қабулхонада бир қатор камчиликлар аниқланди ва айримлари жойида бартараф этилди. Жумладан, махсус қабулхонанинг ювиниш хоналарининг техник ҳолати қониқарли, лекин, баъзи маҳкумларга шахсий гигиена воситалари (совун, тиш пастаси), соқол оладиган ускуна берилмаган. Мазкур ҳолат жойида бартараф этилди.

Мониторинг давомида дори-воситалари таъминоти, тиббий бўлим ходимларининг малакасини ошириш, китоб захираларини бойитиш ва эскирган китобларни янгилаш бўйича Махсус қабулхона маъмуриятига тавсиялар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати