Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Мурожаатдан натижага: Субсидия бўйича қарздорлик фуқародан чиқарилди ва асоссиз кредит муаммосига ечим топилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш, мурожаатларда кўтарилган муаммоларни қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Наманган вилоятида Омбудсманнинг минтақавий вакили томонидан ўрганилган икки мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклашга қаратилган чоралар кўрилди.

Жумладан, Уйчи туманида яшовчи фуқаро К.И. нинг туман ҳокимлиги ва тегишли банк томонидан субсидия масаласи ҳал этилмаётгани юзасидан мурожаати ўрганилди. Натижада 24,6 млн сўм маблағ фуқаронинг зиммасидаги мажбуриятдан чиқарилиб, мазкур қарздорлик Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қопланиши лозим бўлган ҳисоб варақларга ўтказилиши таъминланди.

Шунингдек, Чуст туманида яшовчи фуқаро Й.Г.нинг ўз акаси номига асоссиз кредит расмийлаштирилгани ва қарздорлик ҳисобланганидан норозилик билдириб йўллаган мурожаати ҳам ўрганилди. Мазкур ҳолат юзасидан судга даъво аризаси киритилиб, банк зиммасига кредитни бошқа шахс номига расмийлаштириш мажбурияти юклатилди. Натижада фуқаронинг 6 йилдан буён давом этиб келаётган муаммоси ижобий ҳал этилди.

Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатларини манзилли ўрганиш ҳамда қонуний таъсир чораларини кўриш орқали бузилган ҳуқуқ ва манфаатларни тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати