Мониторинг ташрифларида қайд этилган муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари билан таъминланганлиги ҳамда сақлаш шароитлари, маданий дам олиш, телефон орқали сўзлашув, узоқ ва қисқа муддатли учрашув ҳамда тергов ва адвокатлар хоналари, шунингдек, маҳкумларнинг меҳнат шароитлари атрофлича ўрганилди.
Ўрганишлар давомида айрим муассасаларда бир қатор камчиликлар аниқланди. Хусусан, Гулистон шаҳар Ҳушёрхонасининг тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида зарур тиббий буюм ва жиҳозлар етишмаслиги, Сирдарё вилояти Наркология марказида эса санитария талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани ҳамда канализация тизимида муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Омбудсман томонидан Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига таъсир чораси шаклидаги хужжат киритилди.
Кўрилган чоралар натижасида Ҳушёрхона тиббий ёрдам кўрсатиш пункти етишмаётган тиббий буюм ва жиҳозлар билан таъминланди. Наркология марказида эса палаталардаги санитария талабларига оид камчиликлар бартараф этилиб, канализация тизимидаги муаммолар ҳам ҳал этилди.
Ташрифлар давомида барча муассасаларда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Шунингдек, муассасаларда ўрнатилган «Омбудсман қути»лари кўздан кечирилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






