Хусусан, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро А.Д.нинг кўчмас мулкига қўйилган тақиқ бекор қилинган бўлса-да, маълумотлар базасидан чиқарилмагани аниқланди. МИБ вилоят бошқармасига юборилган сўровдан сўнг тегишли маълумотларни базадан чиқариш чоралари кўрилди. Шунингдек, Оққўрғон туманида фуқаро А.М. зиммасига чиқиндилар олиб кетилмаган давр учун асоссиз ҳисобланган қарздорликни қайта ҳисоблаш ишлари бошланди.
Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида фуқаро Н.Ж.нинг фарзандига мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилгани ва руҳий тазйиқ ўтказилгани ҳақидаги мурожаати ўрганилди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан ҳамкорликдаги ўрганиш натижасида тарбиячи Ф.A.гa нисбатан «Ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилди.
Хоразм вилоятида 8 нафар фуқаро “Idea Concept Group” МЧЖ Урганч филиалида меҳнат ҳуқуқлари бузилгани, иш ҳақи ва фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация тўланмагани юзасидан мурожаат қилган. Ҳолат Бандлик бошқармаси билан ҳамкорликда ўрганилиб, иш берувчига қонунбузилишларни бартараф этиш, кечиктирилган тўловлар учун компенсация ҳисоблаш ва тўлаш юзасидан таъсир чоралари кўрилди. Шунингдек, фуқаро Т.Р.нинг ишга тикланиши ва мажбурий прогул даври учун иш ҳақи ундирилиши юзасидан судга даъво аризаси киритилди.
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида фуқаро А.Т.нинг ҳовлисида ёмғир суви тўпланиши ва ер чўкиши ҳақидаги мурожаати жойига чиқиб ўрганилди. Келтирилган важлар тасдиқланиб, муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Фуқаролар мурожаатларини жойига чиқиб ўрганиш ва қонуний таъсир чораларини кўриш орқали уларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






