Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сурхондарёдаги ёпиқ муассасаларга мониторинг: тиббий кўрик ҳамда "Тенглик ва ҳурмат" платформаси доирасида сайёр қабул ташкил этилди
2026 йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Сурхондарё вилоятидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган қатор муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Уларда Омбудсман Девони ходимлари билан бир қаторда сенатор, вилоят депутати ва жамоатчилик гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этди.

Жумладан, вилоятдаги 9-сонли тергов ҳибсхонаси, Термиз шаҳар ва Бойсун тумани ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, Аёллар реабилитация қилиш ва мослаштириш Сурхондарё вилояти ҳудудий маркази, махсус кабулхона, Шеробод туманида жойлашган 41-сонли манзил-колонияси, Денов туманидаги 2-сон ва Термиз туманидаги Вилоят асаб-руҳий касалликлари шифохоналари, Термиз шаҳрида жойлашган мастлик ҳолатида бўлган фуқароларга тиббий ёрдам корсатиш пункти (Ҳушёрхона) ҳамда Республика ихтисослаштирилган Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё филиалларида яратилган шароитлар ўрганилди.

Ташрифлар давомида муассасалардаги ётоқ жойлари, тиббиёт бўлимлари, ювиниш ва санитария хоналари, ошхона, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармон воситалари билан таъминланганлик ҳолати кўздан кечирилди. Шунингдек, сайилгоҳлар, учрашув хоналари, адвокатлар билан мулоқот қилиш учун ажратилган жойлар, видеокузатув воситалари ва муассасаларнинг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ташрифлар жараёнида муассасаларда ўрнатилган “Омбудсман қути”лари кўздан кечирилди ва сақланаётган шахслар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Келиб тушган мурожаатлар белгиланган тартибда назоратга олинди, айрим масалалар юзасидан жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Мониторинг доирасида Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда 9-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди. Кўрикда 110 нафардан ортиқ маҳбуслар ўндан ортиқ мутахассислар томонидан текширилди, лаборатория таҳлиллари амалга оширилди ҳамда саломатлигининг ҳолатига қараб тиббий маслаҳат ва тавсиялар берилди.  

Бундан ташқари, ташрифлар доирасида Аёллар реабилитация марказида "Тенглик ва ҳурмат" платформаси доирасида аёллар билан очиқ мулоқот ва сайёр қабул ташкил этилди.

Марказда ҳозирда 27 нафар фарзандлари билан бирга 10 нафар аёллар яшаётган бўлиб, “Ҳуқуқий ёрдам автобуси” тадбири доирасида уларнинг мурожаатлари ўрганилди.

Учрашув давомида марказдаги аёлларга зўравонлик қурбонларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, мавжуд имконият ва имтиёзлар масъуллар томонидан тушунтирилди. Шунингдек, мулоқотда хотин-қизлар доимо давлат ҳимоясида эканлиги, фақатгина жабрланувчиларга эътибор қаратиш билан чекланмай, зўравонларни ҳам тартибга чақириш ҳамда улар билан ишлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олиш бўйича ўтказилган мониторинг ташрифлари якунлари асосида тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар юзасидан масъул вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тегишли таъсир чоралари киритиб борилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати