Шу мақсадда жорий йилнинг 13 ноябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан “Омбудсман ва фуқаролик жамияти: ўзаро мулоқот ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик гуруҳлари вакиллари, блогерлар, адвокатлар ҳамда Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари онлайн ва офлайн тарзда иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, фуқаролик жамияти вакиллари фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини аниқлаш, мурожаатларини ўрганиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, шунингдек парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Омбудсман институти билан ҳамкорликда нодавлат нотижорат ташкилотлари ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳудудларда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳисса қўшиб келмоқда.
Хусусан, миллий превентив механизм доирасида жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда маҳбус ва маҳкумларнинг ҳуқуқлари, сақлаш шароитлари, тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятлари ўрганилмоқда.
Фуқаролик жамияти вакиллари «Омбудсман мактаби», «Омбудсман соати», «Тенглик ва ҳурмат» платформалари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этмоқда.
Давра суҳбатида ННТлар билан ҳамкорлик натижасида қонунчиликни такомиллаштириш йўллари ҳақида сўз юритилди. Бунда мониторинг ташрифлари ва фуқаролар мурожаатлари таҳлили орқали ва аниқланган тизимли муаммолар асосида қонунчилик таклифлари ишлаб чиқилаётганлиги қайд этилди.
Омбудсман ташаббуси билан «Омбудсман ва фуқаролик жамияти: ўзаро мулоқот ва ечимлар» платформасининг йўлга қўйилиши тадбирнинг муҳим янгиликларидан бири бўлди.
Мазкур платформанинг асосий мақсади Омбудсман, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик ўртасида доимий мулоқот ва маслаҳатлашув механизмини шакллантириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашдир.
Платформа доирасида аҳоли мурожаатларида акс этаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва таҳлил қилиб бориш, уларнинг ечимларини ишлаб чиқиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар тайёрлаш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, учрашувларни мунтазам ўтказиб бориш, ҳар бир учрашув-мулоқотида муайян долзарб масалаларни муҳокама қилиш, улар юзасидан қонунчиликка таклифлар ва масъул давлат органларига тавсиялар киритиш бўйича фикрлар билдирилди.
Давра суҳбати якунида «Омбудсман ва фуқаролик жамияти: ўзаро мулоқот ва ечимлар» платформаси концепцияси лойиҳаси иштирокчилар эътиборига ҳавола этилиб, унинг мақсади, вазифалари ва амалга ошириш механизмлари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида ушбу платформага старт берилди, шунингдек ҳамкорликда тизимли ишлашга келишиб олинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






