Таҳлилларга кўра, Бойсун туманидан 2025 йилда 215 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки 9 ойида эса 164 та мурожаат қайд этилган. Жорий йилда келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти шахсий, ижтимоий, иқтисодий, мурожаат этиш ҳамда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларига оид масалаларни ташкил этади. Мазкур кўрсаткичлар ҳудудда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш ҳамда ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш долзарблигини кўрсатади.
Шу муносабат билан, Омбудсманнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида жорий йилнинг 13 ноябрь куни вилоятнинг Бойсун туманида «Омбудсман мактаби» лойиҳаси асосида сайёр қабул ва очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда тумандаги "Бибиширин", "Косиблар", "Шўрсой", "Туз бозор", "Пойга боши" ва "Газа" маҳалларидан 100 нафарга яқин аҳоли қатнашди.
Очиқ мулоқот давомида Омбудсманнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашдаги ўрни, ташқи меҳнат миграцияси, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга мақсадли ўқитиш, ноқонуний миграциянинг салбий оқибатлари, аҳолига тиббий ёрдам ва хизмат кўрсатиш тартиби, тиббий суғуртанинг моҳияти ҳамда ундан фойдаланиш йўллари юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан сайёр қабул ҳам ўтказилди. Мурожаатларда кўтарилган масалаларни ўрганиш, уларнинг қонуний ечимини таъминлаш ҳамда тегишлилиги бўйича масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда чоралар кўриш масалаларига эътибор қаратилди.
«Омбудсман мактаби» лойиҳаси доирасидаги бундай тадбирлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ҳамда Омбудсман институтининг фуқаролар билан бевосита мулоқотини кенгайтиришга хизмат қилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






