ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кўмагида ташкил этилган мазкур конференцияда ЕХҲТ минтақасидан давлат органлари, ЕХҲТ институтлари ва тузилмалари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этмоқда.
Конференциянинг бугунги муҳокамаларида Омбудсман Феруза Эшматова Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда уларни ҳимоя қилишнинг миллий механизмларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида белгиланган. Шу билан бирга, Конституцияда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг амалдаги шакллари ва воситаларини тўлдириши алоҳида мустаҳкамланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти кафолатларининг Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамлангани дунёдаги илғор амалиётлардан бири эканлиги таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида ҳам миллий институтларнинг ролини кучайтириш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Феруза Эшматова ўз нутқида мамлакатимизда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз муомала турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм тубдан такомиллаштирилганлигини, хусусан, янги таҳрирдаги қонун асосида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) парламент назорати йўналишида ҳамда ёпиқ муассасаларда мониторинг ўтказиш бўйича ваколатлари янада кучайтирилганлигини таъкидлади.
Варшава конференцияси доирасида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни таъминлаш, қонун устуворлиги, демократик институтларни мустаҳкамлаш ҳамда ЕХҲТ минтақасида инсон ўлчови бўйича мажбуриятларни амалга ошириш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






