Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197⁴-моддасига ўзгартириш киритилмоқда. Унга кўра, Омбудсман томонидан киритилган талабномани мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқмасдан қолдириш, уни кўриб чиқиш муддатини узрли сабабларсиз бузиш ёки талабнома юзасидан била туриб ишончсиз маълумот тақдим этиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Қонуннинг 32-моддасига кўра, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида аниқланган қийноққа солиш ҳолларини бартараф этиш ҳамда ушбу ҳолларнинг олдини олиш мақсадида Омбудсман томонидан тегишли ташкилотларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган талабнома киритилади.
Мазкур талабнома тезкорлик билан кўриб чиқилиши ҳамда кўрилган чоралар ҳақида Омбудсманга, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ўн кундан кечиктирмай ёзма равишда хабар қилиниши шарт.
Муҳокама жараёнида сенаторлар ушбу Қонун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада мустаҳкамлаш, Омбудсман таъсир чораларининг амалий натижадорлигини ошириш ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Сенаторлар Қонунни маъқуллади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






