Мониторинг давомида колония маъмурияти 5 та масъулияти чекланган жамият билан шартнома тузгани ва 208 нафар маҳкум меҳнатга жалб этилгани аниқланди. Ўрганилган 5 та объектнинг 3 тасида санитария-гигиена, овқатланиш ва тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари, меҳнат муҳофазаси ҳамда маҳкумларнинг яқин қариндошлари билан учрашувларини ташкил этиш билан боғлиқ қатор камчиликлар қайд этилди.
Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан Омбудсман томонидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига тақдимнома киритилди.
Департамент жавоб хатига кўра, тақдимнома асосида иккита ишлаб чиқариш объектида маҳкумларнинг ювиниш ва овқатланиш жойлари тозаланиб, дезинфекция қилинди. Ювиниш хоналарида таъмирлаш ва сантехника ишлари бажарилиб, улар доимий иссиқ ва совуқ сув таъминотига уланди.
Шунингдек, маҳкумлар учун белгиланган нонушта, тушлик ва кечки овқат рационлари қайта кўриб чиқилиб, тегишли қўшимчалар киритилди. Иссиқ ҳавода озиқ-овқат маҳсулотларининг бузилишини олдини олиш мақсадида қўшимча музлаткичлар ўрнатилди.
Яқин қариндошлар билан қисқа муддатли учрашувларни ўтказиш учун алоҳида хона ташкил этилди. Узоқ муддатли учрашувларни манзил-колонияда ўтказиш йўлга қўйилди.
Тиббий ёрдам қутичалари биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари билан тўлиқ таъминланди. Маҳкумларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш ва соғлиғини сақлаш мақсадида уларга зарур ҳимоя воситалари, нимчалар ва бир марталик ниқоблар берилди.
Мониторингда аниқланган камчиликлар бартараф этилмаган учинчи ишлаб чиқариш объекти билан тузилган шартнома бекор қилинди.
Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун Департамент томонидан ишлаб чиқариш объектларига бириктирилган ходимларнинг масъулиятини ошириш ва колония раҳбарлари томонидан шароитларни доимий назорат қилиб бориш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






