Хабарларда қайд этилган ҳолатлар юзасидан мазкур ҳибсхонада сақланаётган маҳкум ва маҳбуслардан ёки уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячиларидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номига мурожаат келиб тушмаган.
Интернет тармоқларида тарқалган мазкур хабарлар Омбудсман назоратига олиниб, ҳолат жойига чиққан ҳолда Омбудсман Девони ходимлари томонидан ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида ҳибсхонанинг озиқ-овқат омбори, тайёрланаётган овқатлар, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш шароитлари, назорат намуналари ҳамда санитария ҳолати кўздан кечирилди. Шунингдек, муассасанинг тиббиёт ходимлари, масъул шахслари ва сақланаётган шахслар билан суҳбатлар ўтказилди.
Суҳбат жараёнида, баъзи сақланаётган шахслар уларда ич кетиш (диарея) ҳолатлари кузатилгани ва зарур тиббий ёрдам кўрсатилганини баён қилишди.
Мазкур ҳолатни малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда тўлақонли ўрганиш ва ҳолат тасдиқланган тақдирда тегишли тизимли чораларни кўриш учун Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлигига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига Омбудсман сўрови киритилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






