Омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан тадбирга суд, бандлик, таълим, ижтимоий ҳимоя соҳалари вакиллари ҳамда психологлар жалб этилди. Айни вақтда мазкур марказда 16 нафар аёл ва уларнинг 34 нафар фарзанди яшамоқда.
Тадбир доирасида аёллар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий масалаларга оид мурожаатлари қабул қилинди.
Хусусан, 3 нафар аёлга судга ариза киритиш ва алимент ундириш тартиби бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ишлаш истагини билдирган 8 нафар аёлга мавжуд бўш иш ўринлари, жумладан, ободонлаштириш, хизмат кўрсатиш ва таълим соҳасидаги вакансиялар тавсия этилди.
Шунингдек, бир нафар аёлнинг 6 ёшли фарзанди мактабгача таълим ташкилотига жойлаштирилди. Яна бир аёлнинг фарзанди Термиз шаҳридаги умумтаълим мактабининг спорт тўгарагига қабул қилинди.
Омбудсманнинг минтақавий вакили ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакили томонидан 5 нафар аёлнинг ижтимоий-иқтисодий масалалари ўрганилди. Натижада бир нафар аёлга ногирон оила аъзосини парваришлаш учун ҳар ой 600 минг сўм миқдорида иш ҳақи тўлаш белгиланди.
Вояга етмаган 5 нафар фарзанди билан реабилитация марказида яшаётган яна бир аёлга марказдан чиққанидан сўнг, турар жой ижара ҳақини 12 ой давомида «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш белгиланди.
Бундан ташқари, марказдаги аёллар ва уларнинг фарзандларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан келишувга эришилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






