Онлайн форматда ташкил этилган тадбирда Қозоғистон давлат органлари, Парламенти, суд тизими, адвокатураси, халқаро ташкилотлар, илмий ва экспертлар ҳамжамияти, шунингдек, мамлакат ва хорижнинг етакчи олий таълим муассасаларидан 150 нафардан ортиқ вакил иштирок этди.
Конференцияда конституциявий ислоҳотларнинг ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашдаги ўрни муҳокама қилинди. Шунингдек, қатор давлатларда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар тажрибаси ва замонавий конституциявий ривожланиш тенденциялари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳам онлайн форматда иштирок этди.
Омбудсман ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририда инсон қадр-қиммати олий қадрият сифатида эътироф этилгани, ҳуқуқий давлат тамойиллари ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш кафолатлари янада мустаҳкамланганини таъкидлади. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш давлатнинг устувор бурчи сифатида Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилгани ҳамда мазкур конституциявий нормалар бугунги кунда қабул қилинаётган қонунларда ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида изчил ўз ифодасини топаётганини қайд этди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






