Мониторинг доирасида 6-сон Жазони ижро этиш колонияси, 6-сон Тергов ҳибсхонаси, Наманган шаҳар ва Чуст тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда Наманган вилояти руҳий касалликлар шифохонасида сақланаётган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Ташрифлар давомида муассасалардаги ётоқ жойлари, тиббиёт бўлимлари, ювиниш ва санитария хоналари, ошхона, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармон воситалари билан таъминланганлик ҳолати, шунингдек, сайилгоҳ, учрашув хоналари, адвокатлар билан мулоқот қилиш учун ажратилган жойлар ва видеокузатув воситалари ҳолати кўздан кечирилди.
Ўрганиш жараёнида айрим камчиликлар ҳам аниқланди. Хусусан, 6-сон Жазони ижро этиш колонияси кутубхонасидаги адабиётлар эскиргани қайд этилиб, адабиётлар фондини янгилаш зарурлиги билдирилди.
Шунингдек, 6-сон Тергов ҳибсхонасида белгиланган сиғимдан ортиқ шахс сақланаётгани аниқланди.
Ташрифлар доирасида муассасаларда ўрнатилган “Омбудсман қути”лари кўздан кечирилди, сақланаётган шахслар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Келиб тушган мурожаатлар белгиланган тартибда назоратга олинди, айрим масалалар бўйича жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мониторинг ташрифи давомида 6-сон Тергов ҳибсхонасида хўжалик хизмати ишларига жалб этилган ҳолда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун “Омбудсман мактаби” тадбири ҳам ташкил этилди. Унда Наманган вилояти ИИБ Пробация хизмати ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари ҳам иштирок этди. Тадбирда маҳкумларга жазо муддатини ўтаб бўлгандан кейин жамиятга мослашиш, бандлик, ижтимоий ёрдам, ҳуқуқ ва мажбуриятлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Мониторинг якунларига кўра тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан билдирилган тавсиялар юборилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






