Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бухорода Осиё хотин-қизларининг иккинчи форуми бўлиб ўтмоқда
2026 йил 14–15 май кунлари Бухоро шаҳрида Осиё хотин-қизларининг иккинчи форуми бўлиб ўтмоқда.

Нуфузли халқаро анжуманда Осиё мамлакатлари парламентлари ва ҳукуматлари вакиллари, сенатор ва депутатлар, дипломатик корпус ходимлари, БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари, халқаро ташкилотлар экспертлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганини таъкидлади.

“Аёлларга инвестиция — барқарор ўсиш асоси: хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик имкониятларини кенгайтириш” мавзусида ташкил этилган форумда хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки, иқтисодий мустақиллиги, таълим, илм-фан, инновация, сунъий интеллект, рақамли хавфсизлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Форумда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳам қатнашиб, 4-панел сессиясида маъруза қилди.

Мазкур форум хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, гендер тенгликни илгари суриш ҳамда бу борада минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати