Дастлаб мазкур ҳудуддан Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилиниб, аҳоли учун долзарб бўлган масалалар танлаб олинди ҳамда очиқ мулоқотга тегишли давлат ташкилотлари ва идоралари вакиллари жалб этилди.
Қайд этиш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасидан келиб тушган мурожаатларда, асосан, моддий ёрдам, таълим, бандлик, кредит, кадастр, маҳаллаларни ободонлаштириш, тадбиркорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар кўтарилган.
Платформа доирасидаги навбатдаги очиқ мулоқот 2026 йил 24 апрель куни Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Амударё туманида ўтказилди. Ушбу тумандаги Маданият саройида ўтказилган тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотлари вакиллари ҳамда туман аҳолиси иштирок этди. Хусусан, Амударё туманидаги “Беш том”, “Босув”, “Гулзор”, “Дарё бўйи”, “Жайхун”, “Қипчоқ”, “Назархон”, “Ойбек”, “Олмазор”, “Тўлқин”, “Уйшин”, “Чойкўл”, “Фаровон”, “Аёқчи”, “Беш овул”, “Боғ”, “Бўз солма”, “Дўрман”, “Қиличбой”, “Қорамон”, “Тош қалъа” ва “Ўрта калъа” маҳаллалари фуқаролари қамраб олинади.
Ушбу тумандан Омбудсманга юборилган мурожаатларда иш билан таъминлаш масалалиси кўпроқ кўтарилгани сабабли, “Омбудсман мактаби” платформаси доирасида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда 37 та ташкилот томонидан 157 та вакант иш ўрни тақдим қилиниб, 15 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун 15 та йўлланма берилди.
Тадбирда аҳолига инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан боғлиқ жиҳатлари, маҳаллаларда аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, яратилаётган имкониятлар, меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимидаги янгиликлар ҳақида ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Таҳлилларга кўра, 2025 йилда Омбудсманга келиб тушган 26372 та мурожаатнинг 681 таси Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган. Амударё туманидан эса 54 та мурожаат келиб тушган. Бу мазкур ҳудудда аҳоли билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқотлар ўтказиш, уларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ва мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан манзилли тушунтиришлар бериш муҳимлигини кўрсатди.
Маърузаларда кўтарилган масалалар йиғилиш иштирокчиларига содда ва ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди.
Шу билан бирга, очиқ мулоқот шаклида бўлиб йиғилишда тегишли масъул ташкилотлар вакиллари фуқароларни қизиқтирган саволларига жавоб берилдилар.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






