Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қарорига мувофиқ, Омбудсман ҳузурида жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, улар билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам мониторинг ташрифларини амалга ошириш белгиланган.
Мониторинг ташрифларининг биринчи кунида Амударё тумани ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги шароитлар ўрганилди. Шунингдек, Нукус шаҳридаги объектларда мониторинглар давом эттирилиб, дастлаб маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона, сўнгра 2-сон тергов ҳибсхонаси, ундан кейин Нукус шаҳри ички ишлар бошқармаси вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш шаҳар пункти, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази ҳамда “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар аёллар интернат уйидаги шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Айниқса, 2-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар учун яратилган камералар ҳолати, ётоқ жойлари, санитария-маиший шароитлар, ювиниш хоналари, тиббий хизмат кўрсатиш хоналари, дори-дармон билан таъминланиш, озиқ-овқат тайёрланиши ва сақланиши, сайрга чиқиш тартиби, қисқа муддатли учрашув хоналари, адвокат билан учрашиш имкониятлари, шунингдек мурожаат қилиш тартиби ва “Омбудсман қутиси” орқали ариза қолдириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этиш жоизки, мазкур тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб этилган ҳолда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар Омбудсманга оила аъзолари билан узоқ муддатли учрашувларни ташкил этиш масаласида мурожаат қилишган эди. Омбудсман тавсиясига кўра, ушбу муассасада узоқ муддатли учрашув хоналари қурилиб, фойдаланишга топширилган. Мониториш ташрифи давомида ушбу хоналар ҳам кўздан кечирилди.
24 апрель куни эса Қўнғирот туманидаги 27-сон манзил-колонияси, Қўнғирот туманидаги маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона, Қонликўл туманидаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ҳамда Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлимида мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Мониторинглар давомида сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Шу билан бирга, муассасаларда яратилган шароитлар, тиббий хизмат кўрсатилиши, овқатланиш, санитария ҳолати ҳамда сақлаш тартибларига риоя этилиши ўрганилди.
Мониторинг якунларига кўра тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсман ва жамоатчилик гуруҳлари аьзолари томонидан билдирилган тавсиялар юборилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






