Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид масалалар муҳокама қилинди
2026 йилнинг 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Азизхон Умархонов билан учрашди.

Учрашув давомида Омбудсман томонидан 2025 йилда жазони ижро этиш муассасалари ҳамда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга жамоатчилик гуруҳлари аъзолари билан биргаликда амалга оширилган мониторинг ташрифлари натижалари муҳокама қилинди. Хусусан, маҳкум ва маҳбусларни сақлаш шароитлари, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид келиб тушган мурожаатлар таҳлили натижалари ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ҳамкорликдаги чоралар белгилаб олинди.

Маълумот учун, сўнгги 5 йил давомида Омбудсман ҳамда унинг бошчилигидаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларга 3 мингдан ортиқ мониторинг ташрифлари амалга оширилган.

Жумладан, 2025 йилда бундай муассасаларга 954 маротаба мониторинг ташрифи ўтказилиб, 11 мингдан ортиқ маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий, 5 487 нафар шахс билан эса холи тарзда суҳбатлар ўтказилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан Омбудсман томонидан киритилган таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатларнинг кўриб чиқилиши натижасида бир қатор муассасаларда шароитлар яхшиланди ҳамда бу мақсадлар учун 8,5 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати