Қайд этилганидек, ўтган йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил номига 26 372 та мурожаат келиб тушган.
2025 йилда 194 та таъсир чораси қўлланилган бўлиб, шундан 36 та тақдимнома, 24 та хулоса, 12 та талабнома, 4 та огоҳлантириш ҳамда 118 та ариза ва даъво аризалари киритилган. Уларнинг 82 фоизи ижобий ҳал этилган.
Омбудсман ва жамоатчилик гуруҳлари томонидан жазони ижро этиш муассасаларига 954 та мониторинг ташрифи амалга оширилди.
Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва парламент назоратини кучайтириш мақсадида 2025 йилда “Тенглик ва ҳурмат” платформаси ишга туширилди. Ушбу платформа доирасида аёлларни реабилитация ва мослаштириш марказларида тадбирлар ўтказилди, зўравонликка учраган 150 нафардан ортиқ аёллар билан жамоавий ва индивидуал суҳбатлар ташкил этилди.
Шунингдек, “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида республика бўйлаб 124 та шаҳар ва туманда тарғибот тадбирлари ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида 4,7 мингдан ортиқ чиқишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Мажлисда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жамоатчилик институтлари ва давлат органлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда парламент назоратини янада самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокама якуни бўйича Қўмитанинг қарори қабул қилинди.






