Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича Комиссияси йиғилишида Омбудсманлар ҳамкорлиги орқали Россиядаги 50 га яқин ўзбек талабасининг ҳуқуқлари тиклангани қайд этилди
2025 йилнинг 5 декабрь куни Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Комиссия аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова йиғилишда онлайн иштирок этди.

Йиғилишда Армения, Беларусь, Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон вакиллари инсоннинг тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи, сунъий интеллектдан фойдаланиш контекстида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича замонавий муаммолар, ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 10 дан ортиқ масала кўриб чиқилди.

Тадбирда Ф.Эшматова МДҲга аъзо давлатларда ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган таҳлил натижаларини тақдимот қилди. Хусусан, маърузада аҳолининг энг йирик қатламларидан бири бўлган ёшларнинг таълим, бандлик ва соғлиқни сақлашга оид имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ёшлар ҳуқуқларини таъминланишини янада кучайтириш мақсадида қатор таклифлар билдирилди, жумладан бу борада давлатлар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма ташаббусларни ва кенг ҳамкорликни амалга ошириш муҳимлигини таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур доирадаги ҳамкорлик натижасида жорий йилнинг октябрь ойида Омбудсманнинг Москва шаҳрига ташрифи доирасида ҳамюртларимиз билан Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида фуқаролар билан қабул уюштирилиб, мурожаатлари ўрганилган эди. Қабулда шунингдек Россия Федерацияси Омбудсмани ҳамда РФнинг турли ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этишган эди. Мазкур қабулда Ўзбекистонлик талаба ешлар улар таълим олаётган муассаса томонидан уларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани бўйича мурожаат қилишган эди.

Комиссия йиғилишида МДҲ Инсон ҳуқуқлари комиссиясига бугунги кунда раислик этувчи, Россия Федерациясидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Т.Москалькова инсон ҳуқуқлари йўналишидаги ҳамкорлик натижасида Россия Федерациясида таълим олаётган 50нафарга яқин ўзбек талабаларининг ҳуқуқлари таълим муассасаси маъмуриятининг лоқайдлиги оқибатида бузилганлиги, бугунги кунда талабаларнинг мурожаати ижобий ҳал этилганлигини қайд этди. Комиссия раиси таъкидлаган ушбу ҳолат МДҲ доирасидаги самарали ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида эътироф этилди. Йиғилишда ушбу тажриба инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда миллий институтлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва тезкор ахборот алмашинуви қанчалик муҳим эканини яна бир бор намоён этгани қайд этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати