Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Шаҳрисабзда ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган давра суҳбати ўтказилди
2025 йил 17 ноябрь куни Шаҳрисабз шаҳрида “Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан ташкил этилди. 

Тадбирда Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси ва Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, маҳалла раислари, хотин-қизлар билан ишловчи масъуллар ва ОАВ вакиллари қамраб олинди.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг марказида инсон, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари туради. Бу йўлда энг муҳим вазифалардан бири — аҳолининг ҳуқуқий хабардорлиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишдир.

Қайд этиш лозимки, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш Омбудсман фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Аҳоли мурожаатлари таҳлили шуни кўрсатадики, чекка ҳудудларда ҳуқуқий билимга эҳтиёж юқори сақланмоқда. Шу боис мазкур масалаларни қамраб олувчи қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, чекка ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқот ва ҳуқуқий тушунтириш ишларини олиб боришга қаратилган “Омбудсман мактаби”, умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи “Омбудсман соати”, шунингдек, зўравонликка учраган хотин-қизларга манзилли психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи “Тенглик ва ҳурмат” лойиҳалари изчил амалга ошириб келинмоқда.

Тадбир давомида умумтаълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари бўйича дарс бераётган ўқитувчиларнинг атиги 13 фоизи ҳуқуқ фани мутахассислари экани қайд этилди. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга хизмат қилаётган ҳуқуқий онлайн платформалар, интерактив ресурслар ва тегишли таълим дастурлари ҳақида маълумот берилди.

Омбудсманга келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида ҳуқуқий хабардорликни ошириш бўйича муҳим йўналишлар муҳокама қилинди. Жумладан, гендер тенглиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатларида қонуний кафолатлар, таълим олиш ҳуқуқи каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати.