Тадбир ЕХҲТ доирасидаги энг йирик инсон ҳуқуқлари форуми бўлиб, унда ташкилотга аъзо 57 давлат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси, шунингдек, ЕХҲТнинг институтлари, миллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этмоқда.
Конференцияда инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, сўз эркинлиги, гендер тенглиги ва қийноқларни олдини олиш масалалари юзасидан фикр алмашиш, миллий институтлар фаолиятидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
9 октябрь куни бўлиб ўтган конференциянинг навбатдаги пленар мажлиси —“Қонун устуворлиги: Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш ”мавзусидаги 4-сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова маъруза билан иштирок этди. У ўз нутқида мамлакатимиз қийноққа қарши ўзининг мустаҳкам позициясига эга эканлигини таъкидлаб, Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ тузилган жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда пенитенциар муассасаларга ўтказилаётган мониторинг ташрифларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Мазкур сессияда ЕХҲТ иштирокчи давлатлари ва миллий инсон ҳуқуқлари институтлари қийноқларни олдини олиш, миллий превентив механизмлар самарадорлигини ошириш, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашишди.
Варшава конференцияси инсон ҳуқуқлари соҳасида давлатлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги мулоқотни самарали ташкил этиш, миллий тажрибаларни таққослаш ва халқаро стандартларни самарали жорий этиш учун муҳим минбар ҳисобланади.
Анжуман жорий йилнинг 17 октябргача давом этади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати