Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фарғонадаги мактаб директори билан боғлиқ ҳолат назоратга олинган ҳолда ўрганилди
Kun.uz сайтида “Омадсиз тадбир” ёхуд “бировга чоҳ қазисанг — ўзинг тушасан” сарлавҳаси остида Фарғона вилояти Фурқат туманида мактаб директори Г.Қосимовага нисбатан ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлар ҳақида видео материал эълон қилинди.

Хабарда таъкидланишича, аёл ноқонуний равишда ушланган, унга жисмоний босим ва қадр-қимматини камситувчи муомала қўлланилган. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда Фурқат тумани ИИБ бошлиғига нисбатан жазо тайинланган, бироқ ушбу ишда иштирок этган бошқа ходимлар озодликда экани қайд этилган.

Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан назоратга олинган ҳолда унинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ўрганилди.

Фарғона вилоят прокуратураси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ушбу ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, 2025 йилнинг 18 июнида Фурқат тумани ИИБ бошлиғи А.Х. ҳамда шу туман ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари Ж.Р. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1411-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 1413-моддаси 2-қисми “б” банди, 142-моддаси, 206-моддаси 1-қисмида ва 2302-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларга нисбатан айб эълон қилинган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши судга юборилган.

Фурқат тумани ИИБнинг 4 нафар масъул ходимлари Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси асосида жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Ушбу ҳолат жабрланувчининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Инсонга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ёки таҳқирлаш — унинг конституциявий ҳуқуқларига тажовуз ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади. Қонунчилигимизда қадр-қимматни камситувчи муомала учун жазо чоралари белгиланган.

Омбудсман инсонийликка қарши бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни қатъий қоралайди ҳамда мазкур ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахсларнинг қилмиши ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланишини сўрайди. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати