Данияда МПМ доирасида мониторинг қилинадиган 13 та муассаса мавжуд. Дастлаб делегация аъзоларига ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқлари ҳолатини тизимли ва мустақил назорат қилиш бўйича Дания Омбудманитомонидан тақдимот ўтказилди.
Шу куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари Копенгаген қамоқхоналари таркибига кирувчи 1895 йилда қурилган Ғарбий қамоқхонага ҳам ташриф буюрди. У ерда маҳбусларни сақлаш шароитлари, таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш тизими, шунингдек, қайта ижтимоийлаштиришга қаратилган чоралар тўғрисида муассаса томонидан маълумотлар берилди.
Копенгагендаги Western Prison — тергов жараёнида бўлган шахслар сақланадиган йирик муассаса ҳисобланади. Берилган маълумотларга кўра ушбу муассаса 600 га яқин ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда сиғимидан ортиқ маҳбуслар сақланаётганлиги маълум қилинди. Камералар 1 кишилик бўлишига қарамасдан, белгиланган сиғимдан кўп шахслар сақланаётганлиги учун баъзи камераларда 2 нафардан шахс жойлаштирилган.
Таъкидланишича, муассасада сақланаётган шахслар ишлаш ҳуқуқига ҳам эга. Уларга сайр учун кунига камида 1 соат вақт ажратилади.
Шунингдек, маҳбуслар ҳар икки ҳафтада бир марта 1,5 соатлик қисқа муддатли учрашувдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, Истанбул қоидаларига мувофиқ, маҳбуслар муассасага олиб келинганда тиббий кўрикдан ўтказилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати