Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон ва Дания Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2025 йил 22 сентябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) бошчилигидаги делегация Дания Парламенти Омбудсмани таклифига биноан Копенгаген шаҳрига ташриф буюрди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД) кўмагида ташкил этилган мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад — кўп йиллик тажрибага эга Дания Парламенти Омбудсманининг фаолият йўналишлари билан яқиндан танишиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, тажриба алмашиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Делегация таркибига Омбудсман ходимлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда Омбудсман ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳи аъзолари киритилган.

Учрашувда делегация аъзоларига Дания Парламент Омбудсмани фаолияти, унинг мандати, тузилмаси ва мурожаатларни кўриб чиқишда қўлланиладиган методлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Мурожаатларни электрон тизим орқали бошқариш жараёни ҳақида тақдимот ўтказилди. Шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқишда фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилиш тажрибаси бўйича фикр алмашилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Дания Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда тажриба алмашиш, миллий превентив механизм фаолиятини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

Делегация аъзолари Дания Парламент Омбудсмани тизимида амалга оширилаётган инновацион ёндашувларни ўрганиш имкониятига эга бўлишди.

Маълумот учун, Дания Парламент Омбудсмани Европада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида илғор институтлардан бири ҳисобланади. У 1954 йилда таъсис этилган бўлиб, парламентнинг мустақил органи сифатида давлат идоралари фаолияти устидан назорат олиб боради. Жорий йилда Дания Парламент Омбудсман институтига 70 йил тўлди. Инсон ҳуқуқлари соҳасида тўпланган бу кўп йиллик тажриба билан танишиш Ўзбекистон Омбудсмани учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати