Тадбир давлат идоралари ва фуқаролик жамияти вакиллари, илмий доиралар ва халқаро ҳамкорларни охирги уч йил давомида Ўзбекистоннинг адлия тизими ислоҳотларини илгари суриш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлидаги ютуқларини муҳокама қилиш учун бирлаштирди. Иштирокчилар мамлакатнинг адолатга эришиш, бепул юридик ёрдам тизимини шакллантириш ва аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда олис ҳудудларда яшовчи аҳоли каби заиф гуруҳлар учун ҳимоя механизмларини кучайтиришдаги натижаларини алоҳида таъкидладилар.
Ўз нутқида БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фужии хоним “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳасининг амалий натижаларига эътибор қаратди:
“Орадан атиги уч йил ўтиб, бизнинг Қонун устуворлиги лойиҳамиз орқали 28 минг 500 дан ортиқ фуқаро — жумладан, аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар — бепул юридик ёрдам олдилар. Фуқаролик жамияти ва давлат ҳамкорлари билан биргаликда биз энди адолатга эришишни янада инклюзив ва барча учун очиқ қилиш мақсадида Юридик Ёрдамʼ рақамли платформасини ишга туширмоқдамиз.”
Давра суҳбатида миллий ҳамкорлар ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг тақдимотлари ҳам ўтказилди. Ногиронлар жамоат бирлашмаси “Шароит Плюс” ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган huquqplus.uz юридик ёрдам порталини тақдим этди. «Меҳржон» нодавлат нотижорат ташкилоти эса гендер зўравонликдан жабрланганлар учун ҳимоя ва хизматлар кўрсатувчи шелтернинг қурилиши ҳақида маълумот берди. Ҳар икки ташаббус Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва адолатга эришишни маҳаллий даражада илгари суришнинг ёрқин намунасини кўрсатди.
"Омбудсман институти фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ривожлантириш устида ишламоқда. Биз миллий қонунчиликни Истанбул протоколи талаблари нуқтайи назаридан кенг қамровли таҳлилдан ўтказдик, бу эса қийноқлар ва ғайриинсоний муомалага қарши кучлироқ кафолатларни таъминлашга хизмат қилмоқда. пенитенциар муассасаларда олиб борилаётган доимий мониторинг ташрифларимиз эса шароитларни халқаро стандартларга мувофиқ яхшилашга қаратилган. Биз учун ҳар бир инсоннинг қадри ва ҳуқуқи энг устувор масала. Шу йўлда адолат ва тенглик барча учун ҳаётий қоидаларга айланиши учун доим ҳаракат қиламиз."- деди, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова
Давра суҳбатининг якунида фуқаролик жамиятининг инсон ҳуқуқларини илгари суришга қўшган ҳиссаси учун танлаб олинган ННТларга аҳолига бирламчи ва иккиламчи юридик ёрдам кўрсатиш фаолиятини мустаҳкамлаш мақсадида ахборот-коммуникация техникалари топширилди. Давра суҳбати Ўзбекистоннинг адлия ва инсон ҳуқуқлари тизимларини янада мустаҳкамлаш бўйича амалий тавсиялар билан якунланди.