Ушбу тадбир Омбудсманга мазкур ҳудуддан келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида ташкил этилди. Унга аҳоли томонидан кўтарилган ижтимоий ҳимоя, пенсия ва нафақалар тайинлаш, уй-жой масалалари бўйича тегишли ташкилот вакиллари жалб этилди.
Очиқ мулоқотда вилоятдаги “Исфахон” маҳалласида жойлашган Маданият марказида ўтказилган тадбирда “Тарасмон”, “Каттақурама”, “Хужран”, “Хамид Олимжон”, “Бекобод”, “Бирлашган”, “Зарбдор”, “Мажнунтол”, “Исфахон”, “Истиқлол”, “Ибрат”, “Еттикон”, “Ширинбулоқ”, “Ёртепа”, “Қўймозор”, “Дукат”, “Туркистон”, “Ахси”, “Чусткўприк”, “Шарқ” каби 20 дан ортиқ маҳаллаларда яшовчи 180 нафар фуқаро қамраб олинди.
Очиқ мулоқотда Омбудсманнинг ўринбосари, Наманган вилоятидаги минтақавий вакили, Омбудсман Девони ходимлари иштирок этишди. Фуқаролар мурожаатларида кўтарилган долзарб масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида сайёр қабул ташкил этилди. Унда фуқаролар тегишли идоралар вакиллари билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, ўз муаммолари юзасидан жойида амалий ёрдам олдилар. Қатор мурожаатларни ўша куниёқ ҳал этиш чоралари кўрилди, бошқалари эса назоратга олинди.
“Омбудсман мактаби” тадбирлари фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, мурожаатларга муносабатда давлат идораларининг масъулиятини янада мустаҳкамлаш ва чекка ҳудудлардаги аҳолининг ҳуқуқий муаммоларига ечим топишга қаратилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати