Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Республикамиздаги қатор пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифлари давом этмоқда
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан навбатдаги мониторинг ташрифлари Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятларида жойлашган интернат уйлари ҳамда бир қатор пенитенциар муассасаларида ўтказилди.

Ташрифлар давомида Нукус шаҳар, Ургут тумани ва Сирдарё вилояти “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйлари, Хива ва Ургут тумани “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйлари, Қорақалпоғистон Республикасидаги 2, Самарқанд вилоятидаги 7 ва Бухоро вилоятидаги 4-сон тергов ҳибсхоналари, Самарқанд, Хоразм ва Бухоро вилояти махсус қабулхоналари, Сирдарё вилоятида жойлашган Гулистон шаҳар Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Психиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд вилояти филиали, Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги 17-сонли Жазони ижро этиш колонияси ва вилоят ИИБ ЖТСБ реабилитация қилиш марказидаги шароитлар кўздан кечирилди.

Ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнат қилиш, яқин қариндошлар билан учрашув шароитлари, кутубхона, тергов ва адвокатлар хонаси, сайргоҳ, тўгараклар хонаси, иссиқхона, физиотерапия ва даволаш хоналари, спорт майдончаси, тинтув хонаси, озиқ-овқат ва дори-дармон воситаларини сақлаш ҳамда камералардаги ҳаво алмаштириш ва радиоэшиттириш мосламалари, ҳудудлардаги видеокузатув камераларининг ишчи ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш жараёнларида аниқланишича, Самарқанд вилояти махсус қабулхонасида маъмурий қамоққа олинган шахслар белгиланган мeъёрдан ошиб кетган.

Бундан ташқари, Хивадаги “Мурувват” интернат уйи ошхонаси ва ювиниш хоналарида қатор камчиликлар аниқланди. Гулистон шаҳар Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланувчи шахслар учун эса кутубхона ва яқин қариндошлар билан учрашув хоналари ташкил этилмагани ҳамда камералар радиоэшиттириш воситалари билан таъминланмагани маълум бўлди.

Шунингдек, мониторинг ташрифларида “Омбудсман қути”ларига келиб тушган мурожаатлар қабул қилиниб, ариза муаллифлари билан якка тартибда ва жамоавий суҳбатлар ўтказилди.

Мониторинг ташрифлари якунларига кўра, мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари шаклдаги ҳужжатлар киритилиши таъминланади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Янгиликлар категориялари