Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида “Ҳуқуқ билимдони” Омбудсман викторинасига старт берилди
Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш, айниқса ёшларни ҳаётда ўз ўрнини топиши, умуман ҳеч кимни муаммоси билан ёлғиз қолдирмаслик бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада, Бош қомусимизда давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш, уларнинг таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши, шунингдек, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиши мустаҳкамланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг қабул қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада ривожлантиришга, аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган.

Айниқса, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчи болалари ўртасида ҳуқуқий хабардорликни ошириш, қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бошқа шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда уларнинг дахлдорлик туйғусини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Омбудсманга юборилаётган фуқаролар мурожаатлари таҳлили аҳолининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, етим ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган шахсларга белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиш бўйича хабардорлик даражаси етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиб, Омбудсман ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу нуқтаи назардан, “1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда жамиятда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари таълимига бўлган эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишини ҳамда билимларини ошириш мақсадида етим болалар ўртасида  “Ҳуқуқ билимдони” Омбудсман викторинасига старт берилди.

2 босқичдан иборат ушбу Викторинада Тошкент шаҳрида жойлашган Меҳрибонлик уйларининг 100 нафарга яқин тарбияланувчилари қамраб олинди.

2025 йилнинг 23 май куни Тошкент шаҳридаги 22-сонли Меҳрибонлик уйида “Ҳуқуқ билимдони” Омбудсман викторинасининг 1-босқичи ўзбек ва рус тилларида таълим олувчи юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказилди.

1-босқичда конкурс иштирокчилари ҳуқуқ соҳаси бўйича 30 та тест саволларига жавоб беришди. Тест жавоблари ҳакамлар ҳайъати томонидан текширилиб, энг юқори балл тўплаган 10 нафар иштирокчилар аниқланди. Ушбу ўқувчилар 2 босқичга йўлланмани қўлга киритишди.

Викторинанинг якуний II босқичи тез кунларда Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати