Бу ташаббусларнинг энг муҳим жиҳати шундаки, улар статистик рақамлар эмас, балки реал мурожаатлар таҳлили асосида ташкил этилади. Яъни қайси мавзу бўйича фуқаролар томонидан энг кўп мурожаат келиб тушаётган бўлса, айнан ўша масала муҳокама марказига айланади. Шу орқали ҳудуд аҳолиси билан юзма-юз мулоқот ўтказилиб, тегишли мутахассислар ва мутасаддилар иштирокида ҳуқуқий тушунтиришлар берилади.
Лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбирлар Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидан “Буюк замин”, “Савай”, “Бирлашган”, “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролари ҳамда Асака тумани тадбиркор аёллари, Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидан “Имом Бухорий”, “Тинчлик” маҳаллалари, Хоразм вилояти Гурлан туманидан “Янгибоғ”, “Ишонч”, “Янги аср”, “Нуробод”, “Навбаҳор”, “Гулшан”, “Шодлик”, “Боғистон” маҳаллаларида яшовчи аҳоли ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети, Фарғона Давлат техника университети, Қорақалпоғистон Қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ва Андижон техника институти талабалари иштирокида ўтказилди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувларда иштирокчиларга аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой, таълим кредитини ажратиш тартиби, ёшларга оид давлат сиёсати, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида таништирилди.
Шунингдек, талаба ёшлар билан ўтказилган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва хал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қонунларининг мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Омбудсман минтақавий вакилларининг сайёр қабуллари ҳам ташкил этилиб, 40 дан ортиқ фуқаролар мурожаатлари қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати