Хусусан, Бухоро вилоятида жойлашган 1 ва 20-сон Жазони ижро этиш колониялари, 4-сон тергов ҳибсхонаси, Жондор, Ромитан туманлари ва Когон шаҳар Мастлик ҳолатида бўлган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш марказлари, Самарқанд вилояти Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази, Андижон вилоятидаги Қўрғонтепа ва Пахтаобод бўлимлари мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари, 3-сон тергов ҳибсхонаси, Қўрғонтепа тумани “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи, Қўрғонтепа тумани Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Хоразм вилоятида жойлашган 11-сон тергов ҳибсхонаси, вилоят Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 41-сон манзил-колонияси ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган руҳий касалликлар клиник шифохонаси кўздан кечирилди.
Мазкур пенитенциар муассасаларидаги ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт ва даволаш бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сақлаш жойлари, кутубхона, спорт зал, бассейн, телефон орқали сўзлашув, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, тинтув хонаси, иссиқхона, сайилгоҳ, тергов ва адвокатлар хоналаридаги шароитлар ҳамда ҳудудлардаги ҳаво алмаштириш тизими ва видеокузатув камералари ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш жараёнларида Қўрғонтепа тумани ҳушёрхонасидаги камералар ва ювиниш хоналарининг санитария талабларига номувофиқлиги, деворлар таъмирталаб даражага келганлиги, видео кузатув мосламалари овоз ёзишга мўлжалланмагани, баъзилари эса ишчи ҳолатда эмаслиги ҳамда Пахтаобод тумани ҳушёрхонасида видео кузатув камералари йўқлиги ва чойшаблар ўрнига салафанлар тўшалгани маълум бўлди. Хоразм вилояти Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида эса биринчи тиббий ёрдам учун дори-дармон воситалари тўлиқ эмаслиги аниқланди.
Шунингдек, “Омбудсман қути”ларига келиб тушган мурожаатлар қабул қилиниб, ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар, мулоқотга лаёқатли беморлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Мониторинг якунларига кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари киритилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати