Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сурхондарёда бир қатор ёпиқ муассасалардаги шароитлар ўрганилди
2025 йилнинг 5-6 май кунлари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари, Омбудсман Котибияти ходимлари ҳамда унинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Сурхондарё вилоятидаги бир қатор пенитенциар муассасаларига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Ўрганиш ишлари вилоятдаги Денов ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар “Мурувват” уйидан бошланди. Мониторинг давомида ушбу интернат уйидаги биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга яратилган шароитлар, жумладан, ётоқ жойлари, ошхона, тиббиёт бўлими, тўгараклар хонаси, дори-дармон воситалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш жойлари ўрганилди.Ўрганиш давомида амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, бир қатор салбий ҳолатлар аниқланди.

Шунингдек, айрим беморлар билан суҳбат ўтказилиб, уларга яратилган шароитлар бўйича уларнинг фикрлари эшитилди.

Навбатдаги мониторинг объекти Денов туманидаги Руҳий-асаб касалликлар шифохонаси бўлди. Кузатув давомида касалхонадаги беморларга яратилган шароитлар ўрганилиб, хоналарнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бериши, даволанаётганларнинг муолажалари ўз вақтида бўлаётганлиги ҳамда тиббиёт бўлимидаги дори-дармонларнинг яроқлилигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг, Шўрчи туманидаги Вақтинча сақлаш ҳибсхонасига мониторинг ташрифини амалга оширилди. Ўрганиш давомида мазкур муассасада сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, тергов ва адвокатлар хонаси, учрашув хонасидаги ҳолатлар ўрганилди.

Мазкур вақтинча сақлаш ҳибсхонасида аввалги мониторингда аниқланган камчиликлар юзасидан 2024 йилда ИИВга тақдимнома киритилган ҳамда ҳибсхона 2025 йилда тўлиқ таъмирлаш учун режага киритилган бўлиб, дастлабки қурилиш таъмирлаш ишлари бошланган.

Сурхондарё вилоятига ташриф доирасида Термиз шаҳар маъмурий қамоқхонаси, 9-сон тергов ҳибсхонаси ҳамда Шеробод туманида жойлашган 41-сон манзил-колониясида ҳам мониторинг ташрифлари ўтказилиб, ушбу муассасаларда сақланаётган шахслар учун яратилган шароитлар билан танишилди.

Эслатиб ўтамиз, мониторинг ташрифлари якунларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари киритилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати