Ушбу «Мурувват» эркаклар интернатда 18 ёшдан юқори бўлган биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони ҳисобланган имконияти чекланганлар истиқомат қилади. Мониторинг ташрифида ушбу муассасада яшаётган ногиронлиги бўлган шахсларга яратилган яшаш, тиббий хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва овқатланиш шароитлар ўрганилди.
Қайд этиш лозимки, мазкур масканда истиқомат қилаётганлар ижтимоий мослаштириш баробарида қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунарга ўргатилмоқда. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятини ривожлантириш бўйича турли тўгараклар ташкил этилган. Навоийга ташриф доирасида вилоятдаги, Навоий шаҳридаги 4 ва Қизилтепа туманидаги 5-сон Жазони ижро этиш колонияларига ҳам мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Мониторинг давомида, маҳкумлар билан суҳбатлашилди, тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати, колонияларнинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди. Муассаса ҳудудида тикувчилик, дурадгорлик, қурилиш маҳсулотлари, юмшоқ мебель ясаш, IT-саводхонлик ва бошқа касб-ҳунарга ихтисослашган цехлар мавжуд.
Мониторинг ташрифлари якунларига кўра, мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари шаклдаги ҳужжатлар киритилиши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳи аъзолари 24-26 апрель кунлари Навоий вилоятида бўлиб, қатор пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга оширди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати