Дастлаб, Нурота тумани "Амир Темур" маҳалласида Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тиббий кўрик ташкил этилди. Унда 100га яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Марказдан узоқда жойлашган ушбу ҳудудга вилоятнинг малакали тор доирадаги шифокорлари ва мутахассислари жалб этилди.
Шундан сўнг, Нурота тумани Мусиқа мактаби биносида Вилоят бандлик бошқармаси томонидан бўш иш ўринлар ярмаркаси ташкил етилиб, фуқаролар доимий ишга жойлашиш ва касб-ҳунар ўрганиш учун йўналтирилди. Ярмаркада тумандаги 136 та корхона ва ташкилотлар 214 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. 12 та тадбиркорлик субъектлари ўзи ишлаб чиқарган махсулотлари ва лойиҳалари билан қатнашди. Ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркасига 158 нафар иш изловчи фуқаролар жалб этилди ва жами 9 нафар ишсиз фуқаролар иш билан таминланди. Ярмарка иштирокчиларидан 13 нафарига ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадида тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш бўйича тушунчалар берилди.
Қайд этиш лозимки, ушбу ҳудуддан фуқаролар билан очиқ мулоқот учун Омбудсманга юборилган мурожаатлар таҳлил қилинган ҳолда вилоят аҳолиси учун долзарб бўлган масалалар танлаб олинди ва тегишли ташкилот вакиллари жалб этилди.
Маълумотларга кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га 2024 йилда Навоий вилоятидан жами 455 та, 2025 йилнинг 3 ойида эса 118 та мурожаат келиб тушган. Уларда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, бандлик, аҳолига сифатли ижтимоий ва тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги имконият ва имтиёзлардан фойдаланиш, кредит расмийлаштириш, уй-жой, алимент ҳамда таълим олиш масалалари кўтарилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Нурота тумани ҳокимияти билан ҳамкорликда ўтказилган фуқаролар билан очиқ мулоқотда Олий Мажлис Сенати аъзоси, туман ва вилоят кенгаши депутатлари, давлат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этишди. Тадбирда Нурота туманидаги "Эшон судур", "Ибн Сино", "Нуробод", "Нурфахр", "Миришкор" ва "Ғофур Ғулом" маҳаллаларида яшовчи жами 200 нафарга яқин аҳоли қамраб олинди.
“Омбудсман мактаби” тадбири доирасида Омбудсман Феруза Эшматованинг сайёр қабули ҳам ўтказилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати