Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Дам олиш куни шифокор ва ходимларни ноқонуний ишга жалб қилган диспансер раҳбарига чора кўрилди – Омбудсман
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га Қўқон шаҳрида жойлашган Фарғона вилояти тери-таносил 2-сонли диспансери шифокорлари томонидан жамоавий мурожаат келиб тушди. Мурожаатда ходимлар иш вақтидан ташқари, дам олиш кунларида ҳужжатлаштирилмасдан ва ҳақ тўланмасдан ишга, навбатчиликка жалб қилинаётганини, шунингдек хизмат сафари харажатлари ўз вақтида қопланмаётганини билдиришди.

Мазкур мурожаат Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили иштирокида жойига чиқиб ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра, диспансер раҳбарияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 189-моддасида белгиланган иш вақтидан ташқари ишни қонуний ташкил этиш талаблари қўпол равишда бузилгани, ходимлар оғзаки кўрсатмалар асосида расмийлаштирилмасдан ишга жалб қилиб келингани аниқланди.

Ушбу қонунбузилиш ҳолатларининг бартараф этиш юзасидан Омбудсман томонидан Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига хулоса киритилди.

Соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, Омбудсман киритган хулосаси натижасида диспансер раҳбарига нисбатан интизомий жазо — “ҳайфсан” қўлланилган, шунингдек мурожаатда қайд этилган 5 нафар шифокорларнинг салкам 3 млн сўмлик хизмат сафари харажатлари тўлаб берилган.

Шу билан бирга, ушбу ҳолат диспансер жамоаси ва бошқа масъул ташкилотлар иштирокида муҳокама қилиниб, масъуллар меҳнат қонунчилиги талабларига  риоя этиш бўйича огоҳлантирилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати