1996 йили ташкил этилган ушбу форум Осиё-Тинч океани минтақасидаги барча миллий инсон ҳуқуқлари бўйича институтларни бирлаштиради. Ҳозирги кунда форум таркибида 28 та миллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бор, Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари ҳам шулар жумласидан.
Учрашувда Кирен Фицпатрик Омбудсман институтининг ушбу нуфузли тузилмага аъзо бўлиб киргани билан қутлаб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ўзгаришлар, қонунчилик ва институционал базанинг такомиллаштирилишини ижобий баҳолади. Шу билан бирга суҳбат жараёнида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, форумга аъзо давлатлар Омбудсманлари ўртасида тажриба алмашиниш ва энг яхши амалиёт билан бўлишиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ф.Эшматова томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида миллий институционал тизим мустаҳкамланаётгани, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, қийноқларнинг олдини олиш ва жазони ижро этиш муассасаларини мониторинг қилиш амалиёти кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Мулоқот чоғида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Осиё-Тинч океани форуми фаолияти ва унинг аъзолари учун яратиладиган имкониятлар — жумладан, халқаро стандартлар асосида салоҳиятни ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, халқаро аккредитациядан ўтишга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.
Омбудсманнинг мазкур форумга аъзо бўлиши Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқларини халқаро ҳамжамиятга етказиш ҳамда шу йўналишдаги мамлакатимиз позициясини минтақавий ва глобал даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






