Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман соати: Ўқувчиларга инсон ҳуқуқларига оид зарур кўникмалар берилди
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббуслар доирасида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан мамлакатимиздаги қатор мактабларда “Омбудсман соати” тадбирлари ташкил этилди.

Тадбирлар Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби, Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ҳамда 3-сонли мактаб, Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги 1-сонли Ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактаби ва 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Президент мактаби ҳамда Хоразм вилоятидаги 18, 5 ва 25-сонли мактаблардаги юқори синф ўқувчилари иштирокида ўтказилди.

Дарслар давомида ўқувчилар 8-декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан асосий қомусимизнинг инсон ҳуқуқларига оид моддалари билан яқиндан танишдилар. Уларга Конституциянинг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган асосий ҳуқуқий кафолатлар ҳақида тушунчалар берилди.

Дарслар интерактив услубда ташкил этилиб, ўқувчиларга ҳаётий вазиятлар орқали ўз ҳуқуқ ва бурчларини англашлари учун кўмаклашувчи видеороликлар намойиш қилинди. Бундай ёндашув ўқувчиларда инсон ҳуқуқлари бўйича билимларни янада мустаҳкамлашга ёрдам берди. Шунингдек, тадбирларда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти ҳақида маълумот берилди.

“Омбудсман соати” тадбирлари ёшлар ҳуқуқий маданиятини ошириш ва уларни ўз ҳуқуқлари ҳамда бурчларига нисбатан масъулиятли бўлишга чорлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати