Талаба ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва ОАВ иштирок этишди.
Дастлаб, тадбирда ёшларга Конституциянинг илм-фан ва таълим соҳасидаги кафолатларга эътибор қаратган ҳолда, мамлакатимизда ёшлар учун яратилган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 79-моддасида давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши белгилангани ва ушбу норма ёшларнинг барча муҳим соҳалардаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун кафолатланган шароитларни яратишга қаратилгани қайд этилди.
Очиқ мулоқотда ёшларнинг Омбудсманга мурожаатлари ва улар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар долзарб эканлиги қайд этилди. Шунингдек, олий таълим муассасаларида ташкил этилаётган "Омбудсман клуб"лари ёшларга назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, аҳоли муаммоларини ўрганишда фаол иштирок этиш имконини бераётгани, бу клублар талабаларнинг муаммоларга масъулият билан ёндашишга ўргатиш орқали етук мутахассис сифатида шаклланишларига хизмат қилаётгани таъкидланди.
Тадбирда ёшлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишига кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшларнинг таълим, ижтимоий ҳимоя, меҳнат ҳуқуқлари ва коррупцияга қарши курашишдаги фаол ролини кучайтириш учун ҳуқуқий асослари тушинтирилди.
100 нафардан зиёд ёшлар билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувда Омбудсманга ёшлардан юборилаётган мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга ҳам алоҳида тўхталинди. Ўзаро савол-жавобларга бой тарзда ўтган тадбирда талабалар Ўзбекистонда ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятига оид кўплаб билимларга эга бўлишди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати