Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманга Сурхондарёдан юборилган мурожаатларда қандай масалалар кўтарилмоқда?
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Сурхондарё вилоятидан юборилган мурожаатлар таҳлил қилиниб, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлиги оширилиши лозим бўлган масалалар танлаб олинди. Вилоятдан юборилган мурожаатларнинг аксарияти пенсия, кадастр ва ижтимоий ёрдам билан боғлиқ бўлгани сабабли навбатдаги “Омбудсман мактаби” тадбири ушбу мавзуга бағишланди.

2024 йилнинг 19 октябрь Қизириқ тумани аҳолиси учун ўтказилган очиқ мулоқотда “Янги турмуш”, “Шодлик”, “Дўстлик”, “Етим қум”, “Рабатак”, “Қишлогозон” маҳаллаларида яшовчи фуқаролар иштирок этишди.

Эркин мулоқот тарзида ўтган тадбирда иштирокчилар фуқаролар бандлигини таъминлаш, пенсия, ижтимоий нафақа ва компенсация тўловларини тайинлаш тартиби, аҳолига сифатли ижтимоий хизмат кўрсатиш, қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилинди.

Фуқаролар билан ўтказилган очиқ мулоқотда Омбудсманга ушбу ҳудуддан юборилаётган мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг устувор вазифаларидан бири сифатида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун моҳияти билан аҳолини таништириш, шу орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати