2024 йил 5 октябрь куни Поп туманида жойлашган 6-сон Жазони ижро этиш колониясида “Ошпазлик” йўналиши бўйича ўқув курсини тамомлаган маҳкумлар ўртасида мусобақа ташкиллаштирилди. Ушбу мусобақа Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили, Ўзбекистон Ногиронлар Ассосацияси Наманган вилояти ҳудудий бўлими, Наманган вилояти “Ошпазлар” жамияти ҳамда колония маъмурияти билан ҳамкорликда ўтказилди.
Маҳкумлар 6 та гуруҳга бўлиниб, 5 турдаги миллий ва хориж таомлари ва турли салатлар тайёрлашди. Мусобақа якунларига кўра, ғолиблар аниқланиб, уларга турли совғалар топширилди. Шунингдек, 1 ойлик курсни тамомлаган 65 нафар маҳкумга сертификатлар топширилди.
Шу куни Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили Поп туманида жойлашган 6-сон Жазони ижро этиш колониясида яратилган шароитларни, жумладан, маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳолатларини ўрганилди. Шунингдек, мониторингда ногиронлиги бўлган маҳкумлар учун яратилган шароитлар ҳам кўздан кечирилди.
Минтақавий вакил колонияда сақланаётган 400 нафарга яқин шахс билан жамоавий тартибда суҳбатлашиб, улар фикрларини ўрганди.
Бундан ташқари, колониядаги “Омбудсман қути”сига келиб тушган мурожаатлар қабул қилиниб, 7 нафар мурожаат муаллифлари якка тартибда қабул қилинди. Сайёр қабул давомида келиб тушган мурожаатлар назоратга олиниб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати