Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фуқаронинг Психоневрология диспансерига мажбурий жойлаштирилгани ҳақидаги хабар тасдиқланмади
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Aspekt24.uz интернет нашри муҳаррири бир фуқаро Андижон вилояти Психоневрология диспансерига мажбурий жойлаштирилганлиги юзасидан мурожаат қилди. Ушбу мурожаат назоратга олиниб, Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакилига ўрганиш учун юборилди.

Минтақавий вакил Aspekt24.uz интернет нашрига мурожаат қилган фуқаролар С.П. ҳамда Ў.О.лар билан шахсан суҳбатлашганда, улар 1994 йилда туғилган сотувчи шериги Б.М. соғлом бўлишига қарамай ота-онаси томонидан Андижон вилояти Псиохоневрология диспансерига мажбурий жойлаштирилганлигини маълум қилишди. 

Ушбу мурожаат ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганилди. Ўрганиш давомида фуқаро Б.М.нинг отаси, онаси ва турмуш ўртоғи ҳамда бошқа қариндошлари билан суҳбатлашилди. Уларнинг сўзларига кўра, Б.М.нинг 2 нафар фарзанди бор, қатор кўчмас мулк объектларининг эгаси. Кейинги пайтларда унинг руҳий ҳолатида ўзгаришлар бўлганлиги, хаттоки, 2002 йилда туғилган ва бирга савдо қиладиган фуқаро Ў.О.ни ўғил қилиб олиш ҳақида кўп гапирадиган бўлиб қолгани сабабли шу йилнинг март ойида биринчи маротаба вилоят Психoневрология диспансерига жойлаштирилган. Соғлиғи яхшиланганлиги сабабли апрель ойлари охирида олиб кетилган. 

Лекин, кўп ўтмай фуқаро Б.М.нинг соғлиғи яна ёмонлашгани сабабли диспансерга қайта ётқизилган. Беморнинг яқин қариндошлари фуқаролар С.П. ҳамда Ў.О.лар Б.М.га ёмон таъсир ўтказганлигини маълум қилишди. Хаттоки, улар 2024 йилнинг 23 май куни Псиохоневрология диспансери кичик тиббий ходими билан келишиб, бемор Б.М.ни олиб қочишга уринишган, лекин, Шахрихон тумани ИИБ профилактика инспектори С.Азимов томонидан тўхтатиб қолинган.

Ишчи гуруҳ аъзолари бемор Б.М. билан ҳам суҳбатлашишди. У ота-онасига ҳеч қандай эътирози йўқлигини, соғлиги яхши томонга ўзгарганлигини, шифохонада шароитлар яхши эканлигини айтиб, ошналари Ў.О. ва С.П.лар шифохонага бошқа келмаслигини сўраган. 

Мурожаатни ўрганиш натижаларига кўра, 2024 йил 23 май куни бемор Б.М.ни даволанаётган жойидан қочишига ёрдам берган ва бошқа кунлари ҳам С.П. ҳамда Ў.О.ларни бемор олдига киритгани учун 2-бўлим кичик тиббий ходими Одилжон Азизов Омбудсман талабномаси асосида ишдан бўшатилган. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати